Иорданиянинг "Эртага" газетаси ёзишича, терма жамоанинг Ўзбекистонга қарши кечадиган 2та ўйинга тайёргарлиги талаб даражасида эмас ва футболчилар руҳий тушунлик ҳолатига тушиб қолишган.
Газетанинг ёзишича, раҳбарият зудлик билан ушбу ҳолатнинг олдини олмаса, эртага кеч бўлади. Манбада келтирилишича, раҳбарият, Ассоциация масъуллари терма жамоани ўз аҳволига ташлаб қўйишган ва улардан хабар олишмаяпти. Бу ҳақда терма жамоанинг юлдуз футболчиларидан бири газетага гапириб берган ва ҳолат аввал бундай эмаслигини таъкидлаган.
Шунингдек, Иордания терма жамоаси аъзолари ЖЧ-2014 саралаш гуруҳининг сўнгги турида Уммон устидан қозонилган ғалаба учун мукофот пулларини олишмаган. Футболчилар Ассоциация раҳбариятига бир неча марта мурожаат қилишларига қарамай, бу ҳозирча фойда бермаяпти. Шундан сўнг Ҳуссам Ҳассан футболчилар номидан Ассоциация раҳбариятига мурожаат қилиб, Уммон устидан қозонилган ғалаба учун мукофот пулларини беришни ва шу орқали футболчиларнинг руҳий ҳолатини яхшилашни сўраган.
Номи ошқор қилинмаслик шарти билан газетага маълумот берган футболчининг таъкидлашича, ўйинчиларнинг мақсади мамлакат байроғини юқори кўтаришга ҳаракат қилиш, бироқ мукофот пулларининг берилиши футболчиларнинг кайфиятини янада кўтарган бўларди. Ўзбекистонга қарши ўйиндаги ғалаба учун мукофот ваъда қилинса, бу ҳам қўшимча куч беради.
Футболчининг фикрича, етакчи футболчиларнинг узр сўраган ҳолда, терма жамоа машғулотларида иштирок этмаётгани уларнинг руҳий ҳолати билан боғлиқ экан. Иордания Сурияга қарши Осиё кубоги-2015 саралаш баҳсини ўтказиб, Теҳрондан қайтиб келганидан кейин уларга нисбатан оддий эътибор ҳам бўлмаган. "Кўпчилик футболчилар терма жамоага келишни истамаяпти, уларнинг руҳий ҳолати яхши эмас. Вазият чуқурлашиб кетмасидан аввал унинг олдини олиш зарур", дейди иорданиялик футболчи.
Швейцариянинг Газ Метан" клубида фаолият олиб бораётган Тоир Баваб Сурия билан ўйиндан кейин терма жамоадан четлаштирилгани боис ҳафсаласи пир бўлган ва энди терма жамоага келишни истамаяпти. Иордания футбол ассоциацияси футболчининг "жароҳати бор" деб эълон қилди.
Терма жамоанинг етакчи футболчилари Босим Фатхий ва Муҳаммад Мунир айнан руҳий ҳолат боис Иордания машғулотларидан иштирок этмаяпти. Давом этаётган машғулотларда Ҳуссам Ҳассан айрим техник муаммоларни ечишга ва футболчиларнинг руҳий ҳолатини яхшилашга ҳаракат қиляпти.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси 4 сентябрь куни кечаси Аммонга етиб боради. Иордания ва Ўзбекистон терма жамоалари ўртасидаги дастлабки ўйин 6 сентябрь куни соат 21:00 (Тошкент вақти билан)да бошланади. Ўйинни япониялик Юичи Нишимура бошчилигидаги ҳакамлар бошқариб боришади.