Англия Премьер-лигасининг навбатдаги турида «Манчестер Сити» ўз майдонида «Кристал Пэлас» устидан 3:0 ҳисобида ишончли ғалабага эришди. «Шаҳарликлар»га муваффақият келтирган голларга Антуан Семеньо, Омар Мармуш ва Савио муаллифлик қилишди.
Ушбу ғалабадан сўнг Хосеп Гвардиола шогирдлари пешқадам «Арсенал» билан орадаги фарқни икки очкогача қисқартиришди. Мусобақа якунига икки тур қолган бир пайтда чемпионлик пойгаси авжига чиқмоқда.
«Брентфорд» устидан қозонилган 3:0 ҳисобидаги ғалабадан сўнг, «Кристал Пэлас»ни ҳам худди шундай ҳисобда мағлуб этдик. Бу жамоалар ўз услубига эга бўлган жуда кучли рақиблардир. Натижадан жуда мамнунман. Энди бор эътиборимизни Англия Кубоги финалига қаратамиз. Биз «Арсенал»нинг охирги ўйинида нима бўлгани ҳақида ўйламадик ҳам, гапирмадик ҳам. Шунчаки ўз ишимизни бажардик. Ўн киши бўлиб ҳимояланадиган жамоага қарши ўйнаш доим қийин, лекин мен иш бошлаган биринчи кунимданоқ бундай зич мудофаани ёриб ўтиш устида ишлайман», — деди Гвардиола Sky Sports нашрига берган интервьюсида.
Маълумот учун, «Манчестер Сити»нинг навбатдаги муҳим баҳси 16 май куни Англия Кубоги финали доирасида «Челси»га қарши бўлиб ўтади. АПЛнинг кейинги турида эса жамоа «Борнмут» меҳмони бўлади.













