Испания Ла Лигасининг 36-турида «Алавес»га имкониятни бой берган (0:1) «Барселона» ўзи учун нохуш бўлган кўрсаткични қайд этди. Ханси Флик шогирдлари бутун ўйин давомида рақиб дарвозаси соҳасига бирор марта аниқ зарба йўллай олишмади.
Каталонияликлар учрашув давомида жами 8 бор зарба беришган бўлса-да, уларнинг барчаси ноаниқ кетди. Майдон эгалари бўлган «Алавес» футболчилари эса 9 та зарбадан 3 тасини аниқ амалга оширишди ва улардан бири ғалаба голига айланди.
Бу «Барселона» учун сўнгги йиллардаги энг ёмон натижалардан бири бўлди. Жамоа бунгача 2024 йилнинг ноябрида «Реал Сосьедад»га қарши баҳсда рақиб дарвозасини аниқ нишонга ололмаган эди. Ундан аввалроқ эса бундай ҳолат 12 йил олдин — 2014 йилнинг сентябрида «Малага» билан ўйинда кузатилган.













