Иордания миллий терма жамоаси бош мураббийи Ҳуссам Ҳассан ФИФА расмий сайтига интервью бериб, ЖЧ-2014 плей-офф ўйинларига тайёргарлиги, терма жамоанинг мақсад ва режалари ҳақида гапириб берди.
Иордания 6 сентябрь куни Ўзбекистонни қабул қилса, жавоб учрашуви 10 сентябрь куни Тошкентда ўтказилади.
Мураккаб вазият
Иордания терма жамоасини қабул қилиб олганига 2 ой бўлган мисрлик мутахассис аввал Ўзбекистон терма жамоаси билан бўладиган ўйинларга тайёргарлик борасида сўзлаб берди.
"Шартномага имзо чекаётганимда терма жамоани мураккаб вазиятда қабул қилиб олаётганимни билардим. Албатта, ҳозир терма жамоани оғир ўйинларга тайёрлаш учун қулай эмасди. Сентябрь ойининг бошида миллий чемпионат энди старт олмоқда. Бир ойлик дастур асосида Сурияга қарши Осиё кубоги саралаш баҳсига тайёргарлик кўрдик. Унгача Фаластин ва Ливияга қарши ўртоқлик ўйинларини қийинчилик билан ташкил қилдик. Лекин бу билан қийинчиликлар тугаб қолмади. Сурия билан ўйиндан кейин Ироққа қарши ўртоқлик учрашувини ўтказишни режалаштиргандик. Лекин, терма жамоанинг етакчи футболчилари хориж клубларида ўйнаётгани учун, ушбу ўйинни ўтказишнинг имкони бўлмади. Шунинг учун Ироқ билан ўйинни бекор қилишга тўғри келди. Энди эса олдимизда турган ўйинларга қизғин тайёргарлик кўрмоқдамиз", дейди Ҳуссам Ҳассан.
"Менга қолса, имкон қадар кўпроқ ўйинларда иштирок этганимиз маъқул. Мен Иорданиянинг саралаш босқичидаги ўйинларини кўриб чиқиб, футболчиларнинг имкониятларини билардим. Ўтказилган 3та ўйиндан кейин эса уларнинг ижобий ва салбий жиҳатларини янада яхшироқ билиб олдим. Машғулотлар давомида ишладик, рақобатбардош жамоани шакллантирдим. ЖЧга чиқишимизга ишонаман. Бу бизнинг мақсадимиз ва биз буни амалга оширамиз", дейди мисрлик мураббий.
Қўйилган мақсад
Ҳуссам Ҳассан Ўзбекистон билан кечадиган 2та ўйин учун конкрет стратегик режа тузаётганини айтиб ўтди. "Ўйинлар осон бўлмаслигини биламиз. Шунинг учун ҳам 2та ўйинга аниқ режа тузмасак бўлмасди. Мен бу 2та ўйинни 2та бўлимларга таққослаган бўлардим. Биринчиси Аммонда ўтса, иккинчи ўйин орадан 4 кун ўтиб Тошкентда бўлади. Биринчи бўлимда биз ижобий натижага эришишни истаймиз. Шунда жавоб ўйинига ишонч билан ташриф буюрамиз. Агар биринчи ўйинда керакли натижага эриша олсак, Тошкентда бўладиган ўйинга керакли тактикаларни танлай олардик. Ишга киришишни сабрсизлик билан кутяпман", дейди Ҳассан.
Мақсад — биринчи ўйинда ижобий натижа қайд этиш
Иордания терма жамоаси саралашнинг 4-босқичида ўз майдонида бирорта ўйинда ҳам мағлубиятга учрамади. Шунингдек, улар ўз уйларида Япония ва Австралияни мағлуб этишга муваффақ бўлишди. Шунингдек, гуруҳнинг сўнгги баҳсида Уммонни ҳам таслим этишди.
"Аммондаги "Қирол Абуллоҳ" стадионида ўйнашимизнинг кўп ижобий томонлари бор", дейди мураббий. "Биз ушбу майдонда кучли рақибга айланамиз ва мухлислар бизга катта куч беришади. Биз бу анъанани сақлаб қолишни истаймиз. Ҳужумдаги тезкорлик бизнинг ижобий хислатимиз ҳисобланади. Лекин биз тўпни назорат қилишни ва рақибга тезкор қарши ҳужум уюштириш имконини бермасликка ҳааркат қиламиз. Шунингдек, яна ишлашимиз лозим бўлган жиҳатлар ҳам бор. Масалан, ҳужум уюштираётганимизда хато қилмаслигимиз керак. Ҳозирда ҳужумдаги ҳаракатларимиздан кўнглим тўқ. Боиси, бизда ҳужум ташкил қилиш учун турли вариантлар бор. Хуллас, биринчи ўйинда ижобий натижага эришиб, иккинчи ўйинда шунга мос тактика танламоқчимиз".
Табиийки, мураббий рақиб жамоа — Ўзбекистонни ҳам ўрганмоқда. "Биз Ўзбекистоннинг сўнгги бир нечта ўйинларини ўрганиб чиқдик ҳамда унинг кучли ва кучсиз жиҳатларини эътиборга олиб қўйдик. Умуман олганда, Ўзбекистон ўз ўйинини тезлик ва жисмоний тайёргарлик эвазига қуради", дейди Ҳуссам.
Бразилия орзуси
Ҳуссам ўзининг эгизак шериги Иброҳим Ҳассан билан жаҳон чемпионатида ўйнаб, тажриба тўплаган. Айнан Ҳуссамнинг саралаш босқичида Жазоир дарвозасига урган голи Миср терма жамоасини Италия-1990га олиб чиққанди. Ўша даврларни эслар экан: "Жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳар бир футболчининг орзуси. Футболчилар билан ЖЧ ҳақидаги таассуротларим билан ўртоқлашар эканман, уларга ҳиссиётларимни керакли сўзлар билан етказиб бера олмайман. Мен уларга жаҳон чемпионатига чиқиш ва унда мамлакат шарафини ҳимоя қилиш нима эканини тушунтиришга ҳаракат қиламан. Иордания терма жамоасида ҳам саралаш ўйинларидан ўтиб, Мундиалга бориш учун катта иштиёқ бор", дея таъкидлади Ҳуссам Ҳассан.