Мадриднинг «Реал» клуби ҳужумчиси Килиан Мбаппе аввалги мураббий билан ишлаш ҳозиргисига қараганда кўпроқ манзур бўлганига шаъма қилди. Эслатиб ўтамиз, январь ойида июндан бери «қаймоқранглилар»ни бошқариб келаётган Хаби Алонсо ўз лавозимидан озод этилган эди. Унинг ўрнини Альваро Арбелоа эгаллади.
«Алонсо билан муносабатларимиз аъло даражада. Уни порлоқ мураббийлик фаолияти кутмоқда. Хаби ҳақидаги фикримни ҳамма яхши билади. Аммо энди буларнинг барчаси ўтмишда қолди», — дея Мбаппенинг сўзларини келтиради Испания ОАВлари.
Шунингдек, француз футболчиси Арбелоа учун унчалик ёқимли бўлмаган бир нечта фикрларни ҳам билдириб ўтди. Жумладан, у мавсумнинг иккинчи ярмида жамоа ўз қиёфасини йўқотганини ва Алонсо даврида муваффақиятли қўлланилган услублар издан чиққанини таъкидлади.













