Хаби Алонсо «Челси»нинг янги бош мураббийига айланади. Шанба куни маълум бўлишича, мутахассис Лондон клуби билан 2030 йилгача мўлжалланган шартнома борасида келишувга эришган.
Sky Sports берган маълумотларга кўра, «кўклар» испаниялик мутахассиснинг тайинланганини бугун — якшанба куни расман тасдиқлайди. Машҳур инсайдер Фабрицио Романо ҳам келишув имзолангани ҳақидаги расмий баёнот яқин соатлар ичида эълон қилиниши режалаштирилганини хабар қилди.
44 ёшли мутахассис «Челси»даги фаолиятини июль ойи бошидан бошлайди. Жорий мавсум якунига қадар лондонликларни апрель ойида истеъфога чиқарилган Лиам Росеньорнинг ўрнини вақтинчалик эгаллаган Калум Макфарлен бошқариб туради.













