"Бавария" жамоасининг даҳшатли голлар машинаси Харри Кейн фаолиятини яна Англия Премьер-лигасида давом эттириши мумкин. Ўз вақтида "Тоттенхэм"да порлаган ҳужумчига АПЛнинг бошқа бир гранди жиддий харидор бўлиб турибди.
TEAMtalk нашри тарқатган хабарларга қараганда, "Манчестер Юнайтед" раҳбарияти инглиз форвардини шу ёзда трансфер қилиш устида қизғин иш бошлаб юборган. "Қизил иблислар" кейинги мавсумда АПЛ чемпионлиги учун ҳақиқий даъвогарга айланиш ниятида ва шу сабабли жамоа ҳужум чизиғига катта тажрибага эга бўлган, гол сезиш қобилияти юқори ҳужумчини қўшиб олмоқчи. Кейн эса бу режа учун идеал номзоддир.
Эслатиб ўтамиз, Харри Кейн 2023 йилда "Тоттенхэм"дан 95 миллион евро эвазига Мюнхен клубига кўчиб ўтган эди. Унинг "Бавария" билан амалдаги шартномаси 2027 йилнинг 30 июнига қадар мўлжалланган.
Инглиз ҳужумчиси жорий мавсумда немис гранди либосида барча мусобақаларда 50 та учрашувда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасига даҳшатли 58 та гол уришга эришди ва шерикларига 7 та голли узатма етказиб берди.













