"Лацио" собиқ ҳужумчиси Мирослав Клозе, агар Маурицио Сарри яқин келажакда жамоадан кетишга қарор қилса, бош мураббий сифатида клубга қайтиши мумкин.
Ўтган ёзда клубга икки йиллик шартнома асосида қайтган Сарри, аввалроқ жорий мавсум натижаларидан унчалик мамнун эмаслигини шаъма қилганди. Бу эса унинг клубдаги келажагини яна сўроқ остида қолдирмоқда.
La Gazzetta dello Sport нашри берган маълумотларга кўра, Клозе Саррининг ўрнини эгаллаши мумкин бўлган номзодлар қаторига киради. Германиялик собиқ футболчичи ўзининг футболчилик фаолиятидаги сўнгги беш йилни Рим клубида ўтказган. Мураббий сифатида у Германия терма жамоаси, "Бавария", "Райндорф Альтах" клубларида ишлаган, ҳозирда эса "Нюрнберг"ни бошқармоқда.
Мирославнинг фойдасига ишлайдиган асосий жиҳат — "Лацио" президенти Клаудио Лотито собиқ футболчини жуда яхши билиши ва қадрлашидир. Лотито яқин орада Сарри билан учрашиб, мураббийнинг келажагини муҳокама қилиши кутилмоқда, бироқ ҳозирча вазият мавҳумлигича қолмоқда.













