Мартин О’Нил бошқаруви остида Шотландия чемпионатида ғолиб чиққанига қарамай, «Селтик» клуби янги бош мураббий излаш билан банд. Бу ҳақда «Herald Scotland» нашри хабар бермоқда.
Жамоани бошқариш учун бош номзод сифатида Уэльс миллий терма жамоаси устози Крейг Беллами кўрилмоқда. Унинг учун Англиянинг «Бёрнли» клуби ҳам фаол кураш олиб боряпти. Манба берган маълумотларга кўра, инглиз клуби вакиллари аллақачон мутахассисга янги таклиф билан чиқишган.
Шунингдек, бошқа номзодлар қаторида Роберто Мартинес ва Робби Кин исмлари ҳам тилга олинмоқда, бироқ ҳозирча клуб якуний тўхтамга келгани йўқ. Эртага, 23 май куни «Данфермлин»га қарши бўлиб ўтадиган Шотландия Кубоги финал учрашуви О’Нил учун «Селтик» бошқарувидаги сўнгги ўйин бўлиши мумкин.













