«Ливерпуль» клуби ёзги трансфер ойнасида ҳужум чизиғини кучайтиришни режалаштирмоқда. Журналист Бен Жейкобс душанба куни ушбу мавзуга бағишланган мақоласини эълон қилди.
«Ливерпуль»нинг режаси — ёки иккита вингер, ёки битта вингер ва битта универсал ҳужумчини сотиб олиш. Мерсисайдликларнинг асосий мақсадларидан бири сифатида «РБ Лейпциг» аъзоси Ян Диоманде қолмоқда. «Қизиллар»га ушбу 19 ёшли футболчи жуда манзур келмоқда, бироқ унинг учун сўралаётган 100 миллион евро миқдоридаги маблағ муаммо туғдириши мумкин.
Шунингдек, «Ливерпуль»нинг радарида қуйидаги футболчилар ҳам бор:
«ПСЖ»нинг 23 ёшли аъзоси Брэдли Баркола, «Ньюкасл»нинг 25 ёшли ҳужумчиси Энтони Гордон.
Қайд этилишича, агар «ПСЖ» Барколанинг ўрнига бошқа футболчи топса, уни қўйиб юбориш борасидаги позициясини юмшатиши мумкин.













