«Манчестер Сити» яқин ҳафталар ичида «Ноттингем Форест» ярим ҳимоячиси Эллиот Андерсоннинг трансферини якунлашни умид қилмоқда. 23 ёшли футболчининг ўзи билан дастлабки келишувга эришилган, бироқ клублар ҳали трансфер шартларини келишиб олишлари керак.
Журналистлар Алекс Крук ва Бен Джейкобснинг маълумотларига кўра, «ўрмончилар» ўз юлдузи учун 105 миллион фунт стерлинг (120 миллион евродан ортиқ) сўрамоқда, «шаҳарликлар» эса ярим ҳимоячининг қийматини тахминан 80 миллион фунт (92,5 миллион евро атрофида) деб баҳоламоқда.
Нарх борасидаги келишмовчиликларга қарамай, «Сити» раҳбарияти Андерсон билан боғлиқ ушбу қимматбаҳо шартномани жаҳон чемпионати бошланишига қадар расмийлаштиришни режалаштирмоқда. Эслатиб ўтамиз, Мундиаль 11 июнь куни старт олади.













