«Ньюкасл» вингери Энтони Гордон «Барселона»нинг ёзги трансфер ойнасидаги асосий мақсадларидан бирига айланди. Бу ҳақдаги дастлабки хабарлар Испания оммавий ахборот воситаларида пайдо бўлган эди, эндиликда эса бу маълумотни нуфузли инсайдер Фабрицио Романо ҳам тасдиқлади.
Романога кўра, Гордоннинг номзоди каталонияликларнинг ички йиғилишларида жиддий муҳокама қилинган ва 25 ёшли футболчи клубнинг трансфер шорт-листида юқори ўринларни эгаллаб турибди.
Таъкидлаш жоизки, Англия терма жамоаси аъзоси учун фақат «Барселона» эмас, балки «Бавария» ва «Ливерпуль» каби Европа футболи грандлари ҳам курашмоқда. Айни дамда аниқ бўлган ягона жиҳат шуки, «сороклар» юлдузи ёзги трансфер ойнасида жамоасини ўзгартириши деярли аниқ.













