«Ливерпуль» марказий ҳимоячиси Жо Гомес «Астон Вилла» нишонига тушди. «Вилла» бош мураббийи Унаи Эмери келаси мавсум олдидан — жамоа Чемпионлар лигасида иштирок этишини инобатга олган ҳолда — ҳимоя чизиғини кучайтиришни режалаштирмоқда.
Daily Mail хабарига кўра, Бирмингем клуби Гомесни ўз сафига қўшиб олиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Унга, шунингдек, «Милан» ва «Бешиктош» клублари ҳам даъвогарлик қилмоқда. «Ливерпуль» эса ҳали 29 ёшли футболчининг келажаги борасида бир қарорга келмаган.
Жо Гомес ўтган мавсумда «қизиллар» сафида 33 та ўйинда майдонга тушиб, иккита голли узатмани амалга оширди. Transfermarkt портали англиялик футболчининг нархини 15 миллион еврога баҳоламоқда.













