«Арсенал» бош мураббийи Микель Артета жамоасининг ўйин услубига қаратилган танқидлар юзасидан ўз фикрларини билдириб ўтди.
— Чемпионлар лигаси ярим финалида «Атлетико» устидан қозонилган ғалабадан кейин сизни ҳаддан ташқари кўп ҳимояланишда айблашди. Бундай танқидларга қандай қарайсиз?
— Мен ҳар қандай фикрга ҳурмат билан қарайман. Улар билан нима қилишни ўзингиз ҳал қилишингиз керак: уларга аҳамият бериш, эътиборсиз қолдириш, хотира сифатида сақлаш, йўқ қилиш ёки ўз фойдангизга ишлатиш... Бу ерда ҳаммаси бор. Менинг ишим шундан иборатки, агар ғалаба қозониш учун бизга нимадир етишмаётган бўлса, мен бундан қониқиш ҳосил қила олмайман. Менинг вазифам – ғалабага эришишнинг турли йўлларини излаш, инновациялар яратиш, аввалгиларидан фарқ қиладиган ёндашувларни топиш. Ҳозиргача айнан шуни қилиб келяпмиз.
— Рақибларингизнинг паст блокда ҳимояланишига қарши курашиш учун янги йўллар изладингизми?
— Жароҳатларни ҳисобга олсак, ҳар бир нарсанинг ўз вақти бор. Агар мен жароҳатлар ҳақидаги маълумотларни компьютерга киритиб, «Премьер-лигада ғалаба қозониш имкониятларимиз қандай?» деб сўраганимда, менга 2 фоизлик имконият беришган бўларди. Аммо мен таслим бўлмоқчи эмасдим. Биз ўтказган 60 дан ортиқ ўйинда рақобатбардош бўлишимиз учун бор имкониятларимиздан ва сифатларимиздан фойдаланиб, бошқа йўлларни излашга мажбур бўлдик, — деди Артета.













