«Арсенал» ярим ҳимоячиси Мартин Эдегор Чемпионлар Лигаси финали олдидан ўтказилган матбуот анжуманида иштирок этди. «ПСЖ»га қарши ўйин 30 май куни бўлиб ўтади ва Тошкент вақти билан соат 21:00 да бошланади.
«Биз эришишимиз мумкин бўлган нарса — жуда ўзига хос ҳодиса. 22 йил давомида чемпионатда ғолиб чиқмагандик, энди эса тарих яратишда давом этмоқчимиз. Қачонки, бошингиз узра кўтарган соврин таъмини тотсангиз, уни яна ва яна такрорлашни истайсиз. Бу ҳар биримиз учун жуда катта аҳамиятга эга, шу боис ўйинни сабрсизлик билан кутяпмиз», — дея ўйинчининг сўзларидан иқтибос келтиради УЕФА сайти.
«Чемпионатдаги ғалабадан сўнг ўзимни бошқача ҳис қилмаяпман, аммо биз узоқ курашдик ва энди босим камайди. Бу ажойиб туйғу ва муваффақият. Биз ушбу тажриба ва ижобий энергияни олиб, эртанги ўйинга кўчиришимиз керак».
Будапештда бўлиб ўтадиган ўйинни германиялик Даниэль Зиберт бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси бошқаради. Жорий турнирда ушбу ҳакам иштирокидаги 2 та ўйин «Арсенал»нинг бир хил — 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган («Спортинг» ва «Атлетико»га қарши).













