"Манчестер Юнайтед"дан "Барселона"га ижарага олинган вингер Маркус Рэшфорд ҳали ҳам каталонияликлар сафида қолишга умид қилмоқда. Mundo Deportivo хабарига кўра, инглиз футболчисини ҳамюрти Энтони Гордон билан рақобат чўчитмаяпти (жума куни "кўк-анорранглилар" Гордонни ўз сафига қўшиб олганини эълон қилганди). 28 ёшли футболчи "Барселона"да қолиш ва асосий таркиб учун курашишга қатъий бел боғлаган.
"Барса" мураббийи Ханс-Дитер Флик ҳам Рэшфорднинг жамоада қолганини маъқул кўрмоқда. Немис мутахассиси Маркусни ҳужумнинг ўнг қанотига ўтказишга тайёр. "Қизил иблислар" тарбияланувчиси, катта эҳтимол билан, Руни Барджи кетганидан сўнг Ламин Ямал учун ўринбосар бўлади.













