Англия Премьер-лигасида 2025/26 йилги мавсум якунларига кўра, футбол ишқибозлари ўртасида ўтказилган сўровнома натижасида йилнинг расмий рамзий терма жамоаси (Fan Team of the Season) эълон қилинди.
Бу йилги рамзий таркибда Лондоннинг “Арсенал” клуби мутлақ устунликка эга бўлди. “Тўпчилар” сафидан нақ беш нафар футболчи — дарвозабон Давид Райя, ҳимоячилар Юрриен Тимбер, Вильям Салиба, Габриэль Магальяэс ҳамда ярим ҳимоячи Деклан Райс йил жамоасидан жой олди.
Мавсумнинг яна бир гранди “Манчестер Сити” эса уч нафар вакили билан кучли учликни банд этди. Улар орасида чемпионат доирасида рақиблар дарвозасига 27 та тўп киритиб, фаолиятидаги учинчи “Олтин бутса”ни қўлга киритган Эрлинг Ҳоланд етакчилик қилмоқда. Шунингдек, “шаҳарликлар”дан АПЛда мавсумнинг энг яхши ёш футболчиси деб топилган Нико О'Райли ва йилнинг энг муваффақиятли трансферлари қаторидан жой олган Антуан Семеньо ҳам рамзий таркибга киритилди.
Мавсумни юқори нотада ўтказган “Манчестер Юнайтед” сардори Бруну Фернандеш ҳам ҳақли равишда энг яхшилар қаторидан жой олди. Португалиялик ярим ҳимоячи рекорд даражадаги 21 та голли узатмани амалга ошириб, бир йўла Премьер-лиганинг “Энг яхши футболчиси” ва “Энг яхши плеймейкери” номинацияларида ғолиб чиқди.
Мухлислар талқинига кўра шакллантирилган ушбу рамзий терма жамоани “Брентфорд” ҳужумчиси Игорь Тиаго ҳамда “Ливерпуль” ярим ҳимоячиси Доминик Собослаи якунлаб берди.













