«Порту» бош мураббийи Франческо Фариоли «Фенербахче» томонидан бўлаётган қизиқишларга қарамай, шу ёзда Португалия клубини тарк этмайди. Бу ҳақда журналист Бен Жейкобс хабар бермоқда.
Манбанинг берган маълумотига кўра, Туркия гранди 37 ёшли мутахассис билан ҳеч қандай музокара олиб бормаган. Аввалроқ, агар Ҳакан Сафи президентлик сайловларида ғалаба қозонса, италиялик мураббий жамоа бошқарувига келиши мумкин бўлган номзодлар қаторида тилга олинган эди. Фариоли турк футболи билан жуда яхши таниш: у илгари «Аланьяспор» ва «Фатих Карагюмрюк» клубларида ишлаган, шу сабабли Истанбул клубининг янги раҳбарияти учун асосий вариантлардан бири сифатида кўрилаётганди.
Бироқ мураббий бор эътиборини «Порту»даги фаолиятига қаратган. Мутахассис 1 июль куни ўз вазифасини бажаришга қайтади ва жамоани янги мавсумга тайёрлашни бошлайди. Унинг «аждарҳолар» билан шартномаси 2028 йилнинг ёзигача амал қилади.
2025/26 йилги мавсум Фариоли учун анча муваффақиятли кечди. Унинг бошқарувида «Порту» «Спортинг» ва «Бенфика»ни ортда қолдириб, Португалия чемпионатида ғолиб чиқди, шунингдек, Европа Лигасининг чорак финалига қадар етиб борди.













