Англия терма жамоаси ўртоқлик учрашувида Янги Зеландиялик рақибларини мағлуб этди (1:0). Шанба куни АҚШда бўлиб ўтган баҳсда Харри Кейн томонидан 45-дақиқада киритилган гол ўйинда ягона бўлиб қолди.
Ушбу ғалаба «уч шерар» учун бош мураббий Томас Тухель қўл остидаги ўнинчиси бўлди. Opta порталининг қайд этишича, германиялик мутахассисга бу кўрсаткичга эришиш учун 13 та ўйин керак бўлди. Бу терма жамоа тарихидаги иккинчи натижадир — рекорд эса 12 та учрашувда 10 та ғалабага эришган Гленн Ходдлга тегишли.
Тухель Англия терма жамоаси бошқарувини 2025 йилнинг бошида ўз қўлига олган эди. 52 ёшли мураббийнинг Англия Футбол ассоциацияси билан амалдаги шартномаси 2028 йилнинг ўрталарига қадар мўлжалланган.













