«Тоттенхэм» апрель ойиданоқ режалаштириб қўйилган Маркос Сенеси билан шартнома имзолаш жараёнини якунлади. Бу ҳақда инсайдер Фабрицио Романо ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида маълум қилди.
Манбанинг берган маълумотига кўра, эркин агент мақомида бўлган аргентиналик марказий ҳимоячи клуб билан 2030 йилнинг июнь ойига қадар амал қиладиган битим тузди. Шунингдек, футболчи тиббий кўрикдан муваффақиятли ўтиб бўлгани ҳам қайд этилган.
Сенеси бундан аввал «Борнмут» шарафини ҳимоя қилган. Ўтган мавсумда 29 ёшли футболчи клуб миқёсида 39 та учрашувда майдонга тушиб, 5 та голли узатмани амалга оширди ва 8 та сариқ карточка олди. Унинг бозор қиймати Transfermarkt портали томонидан 25 миллион еврога баҳоланмоқда.













