Мадриднинг «Реал» клуби матбуот хизмати президентлик сайловлари натижаларини эълон қилди. Овоз бериш жараёнида Флорентино Перес ғалаба қозонди.
Амалдаги раҳбар респондентларнинг 65 фоиз овозига эга бўлди. Перес учун 21 741 киши овоз берган. Унинг рақиби — тадбиркор Энрике Рикельме эса 35 фоиз овоз тўплади. Унга 11 814 нафар мухлис ўз овозини берган.
Эслатиб ўтамиз, Перес 2009 йилдан буён узлуксиз равишда «қироллик» клубини бошқариб келмоқда. Сайловдаги ғалабасидан сўнг Флорентино жамоага португалиялик мутахассис Жозе Моуринью қайтаётганини эълон қилди.
Ортда қолган мавсумда «Реал» Ла Лигада иккинчи ўринни эгаллади ва Чемпионлар лигасининг чорак финалида мусобақани тарк этди.













