Мюнхеннинг «Бавария» клуби раҳбарияти франциялик ҳужумкор ярим ҳимоячи Майкл Олисе билан ҳамкорликни узайтириш устида иш бошлади. Бу ҳақда iMiaSanMia Х (собиқ Twitter) саҳифаси хабар бермоқда.
Манба берган маълумотларга кўра, Германия суперклуби 24 ёшли футболчи билан 2031 йилнинг ўрталарига қадар мўлжалланган янги узоқ муддатли шартнома имзолаш ниятида. Томонлар ўртасидаги амалдаги келишув муддати 2029 йилнинг ёзида якунига етади.
Бундан аввалроқ матбуотда Олисега Мадриднинг «Реал» ва Франциянинг «ПСЖ» клублари томонидан жиддий қизиқиш бўлаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Майкл Олисе Бундеслиганинг якунланган мавсумида 32 та учрашувда майдонга тушиб, 15 та гол урди ва 19 та голли узатмани амалга оширди.













