«Манчестер Сити» Энцо Марескани бош мураббий лавозимига тайинлаш учун «Челси» клубига товон пули тўлаш бўйича келишувга эришишга яқин турибди. Бу ҳақда The Guardian нашри хабар бермоқда.
Лондон клубининг фикрича, италиялик мутахассис ҳали «Стемфорд Бридж»да фаолият юритаётган вақтидаёқ «Сити» билан музокаралар олиб бориб, шартнома шартларини бузган. «Челси» раҳбарияти мураббий ва Манчестер клуби ўртасидаги бундай рухсат этилмаган яширин алоқалар бўйича етарли исбот-далилларга эга эканлигига ишончи комил.
Лондонликлар ушбу вазият юзасидан ҳуқуқий чоралар кўриш (судга бериш) масаласини кўриб чиқишмоқда, бироқ барибир муаммони тинч йўл билан ҳал қилишни афзал кўришади. Кутилишича, товон пули миқдори 11,5 миллион евродан кўпроқни ташкил этади.
Клублар ўртасидаги музокаралар давом этмоқда, Маресканинг ўзи эса янги клубида ишни иложи борича тезроқ бошлашдан умидвор. Ҳозирча «Манчестер Сити» ва «Челси» ушбу вазият бўйича расмий изоҳ беришдан бош тортишди.













