«Тоттенхэм» клуби «Кристал Пэлас» ярим ҳимоячиси Адам Уортон учун курашга қўшилди. TEAMtalk нашрининг хабарига кўра, Лондон клуби Сандро Тонали трансфери бўйича музокаралардаги қийинчиликлар фонида 22 ёшли хавбекни ўз сафига қўшиб олиш учун жиддий ҳаракат бошлашга тайёр.
«Шпорлар» бош мураббийи Роберто де Дзерби Ив Биссума кетганидан сўнг, майдон марказини кучайтириш учун Уортонни асосий номзодлардан бири сифатида кўрмоқда. Маълум қилинишича, клуб ёзги трансфер ойнасида бир йўла учтагача ярим ҳимоячи сотиб олиши мумкин.
Уортонга «Ливерпуль» ва «Манчестер Юнайтед» клублари ҳам қизиқиш билдиришда давом этмоқда, бироқ айнан «Тоттенхэм» ушбу трансфер устида фаол иш олиб бормоқда. Клуб раҳбариятининг фикрича, ушбу келишув «Ньюкасл» 117 миллион евродан қимматроққа баҳолаётган Тоналини сотиб олиш уринишидан кўра анча реалроқ кўринмоқда.
Бу трансфердаги асосий тўсиқ «Кристал Пэлас»нинг позицияси бўлиб турибди. Лондонликлар ўз етакчиларидан бири билан хайрлашиш ниятида эмаслар ва ҳозирча даъвогарларнинг ҳеч бири билан музокара бошлашгани йўқ.
Якунланган мавсумда Уортон асосан таянч ярим ҳимояси зонасида ҳаракат қилиб, 53 та ўйинда майдонга тушди, 1 та гол урди ва 7 та голли узатмани амалга оширди. «Transfermarkt» портали футболчини 70 миллион еврога баҳоламоқда.













