«Барселона» голкипери Иньяки Пенья фаолиятини Грециянинг «Панатинаикос» клубида давом эттиради. Бу ҳақдаги маълумот билан MARCA нашри бўлишди.
Манбанинг хабарига кўра, томонлар келишувни тўлиқ ҳал қилиб бўлишган. Пеньянинг трансфери «Панатинаикос»га 3 миллион еврога тушади. Дарвозабон грек клуби билан уч йиллик шартнома имзолайди ва унда шартномани яна бир мавсумга узайтириш банди ҳам бўлади. Ҳужжатлар бугун эрталаб ёки эртага кечқурун имзоланиши кутилмоқда.
Пенья — «Барселона» академияси тарбияланувчиси ҳисобланади. 27 ёшли испаниялик посбон якунланган мавсумни ижара асосида «Эльче»да ўтказди ва Испания чемпионати доирасида 16 та ўйинда майдонга тушиб, 28 та гол ўтказиб юборди.
Transfermarkt портали мутахассислари дарвозабоннинг трансфер баҳосини 4 миллион еврога баҳоламоқда.













