ЖЧ-2026 мусобақасининг 1/16 финал босқичидан ўрин олган навбатдаги учрашув ўз ниҳоясига етди. Канаданинг Ванкувер шаҳридаги “BC Place” стадионида бўлиб ўтган мазкур ўйинда Швейцария ҳамда Жазоир миллий жамоалари ўзаро куч синашди ва унда европаликлар ишончли ғалабани қўлга киритди.
Ўйиннинг дастлабки дақиқаларида африкаликлар бир оз фаоллик кўрсатиб, кетма-кет ҳужумлар ташкил этди. Бироқ ҳисобни европаликлар очди — 10-дақиқадаёқ Брил Эмболо рақиб дарвозасини ишғол қилиб, жамоасини олдинга олиб чиқди. Биринчи бўлим охирларига келиб Жазоир яна олдинга ташланди, аммо ҳисоб ўзгармади.
Иккинчи тайм Жазоир учун кутилмаган зарба билан бошланди. Бўлимнинг илк дақиқасидаёқ (46-дақиқа) Дан Ндойе Швейцариянинг иккинчи голига муаллифлик қилди ва орадаги фарқни янада оширди. Ўйиннинг сўнгги қисмига келиб Швейцария устунликни тўлиқ ўз қўлига олди ва рақиб дарвозаси олдида жуда катта босим уюштирди. Африкаликлар эса сўнгги дақиқаларда деярли ҳеч қандай хавфли ҳужум ташкил эта олмади. Натижада ушбу ҳисоб бошқа ўзгармади ва Швейцария муҳим ғалабани қўлга киритиб, кейинги босқичга йўл олди. Жазоир эса 1/16 финал босқичида мусобақа билан хайрлашди.
Швейцария мусобақанинг чорак финал йўлланмаси учун Колумбия ҳамда Гана миллий жамоалари ўртасидаги ўйин ғолибига қарши майдонга тушади. Мазкур учрашув 8 июль куни бўлиб ўтиши белгиланган.
Жаҳон чемпионати. 1/16 финал
Швейцария — Жазоир 2:0
Голлар: 1:0 — Брил Эмболо (10), 2:0 — Дан Ндойе (46).













