Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) халқаро федерацияларга россиялик спортчиларга нисбатан жорий этилган чекловларни бекор қилишни тавсия этганидан сўнг, ФИФА Россия терма жамоаларидан тақиқни олиб ташлаш масаласини расман кўриб чиқади, деб хабар бермоқда Sky News.
"ФИФА ХОҚнинг Россия Олимпия қўмитаси аъзолигини вақтинчалик тиклаш ҳақидаги қароридан хабардор. ФИФА манфаатдор томонлар билан мувофиқликда кейинги қадамларни белгилашдан олдин ушбу қарорни таҳлил қилиб чиқади", — дея маълум қилишган ташкилотда.
Россия терма жамоалари Украинадаги вазият туфайли киритилган санкциялардан сўнг, 2022 йилдан буён ФИФА ва УЕФА шафелигидаги халқаро мусобақаларда иштирок этмаяпти. ХОҚ қароридан кейин ФИФА кейинги қадамларни қўйишдан аввал вазиятни ўрганиб чиқишини билдирди.
Амалдаги санкциялар туфайли Россия терма жамоаси ЖЧ-2026 саралаш турнирида қатнашмади ва ЖЧ-2022 га йўлланма берувчи ўтиш ўйинларида ҳам иштирок эта олмаган эди.
Аввалроқ ФИФА президенти Жанни Инфантино ташкилот Россия жамоаларини қайтариш масаласини кўриб чиқиши кераклигини таъкидлаган эди. Унинг сўзларига кўра, амалдаги тақиқ "ҳафсала пир бўлиши ва нафратнинг кучайишидан бошқа ҳеч нарсага олиб келмади".
ХОҚ Россия жамоаларини қайтариш, Россияда халқаро мусобақалар ўтказиш, шунингдек, Россия байроғи, мадҳияси ва бошқа миллий рамзларидан фойдаланиш бўйича якуний қарорлар ҳар бир халқаро федерация ва мусобақа ташкилотчилари томонидан мустақил равишда қабул қилинишини алоҳида қайд этди.













