«Барселона» ҳужумчиси Ферран Торрес ёзги трансфер ойнасида жамоасини ўзгартириши мумкин. Инсайдер Жерар Ромеронинг хабар беришича, 26 ёшли футболчи «Атлетико»нинг қизиқишлар доирасига тушиб қолган.
Маълум бўлишича, Мадрид клуби раҳбарияти, хусусан, Матеу Алемани футболчининг иқтидорини юқори баҳоламоқда ва уни ўз жамоасида кўришни истамоқда. «Матрасчилар» ушбу трансферни жамоанинг асосий ҳужумчиси Хулиан Альварес кетган тақдирда амалга оширишни режалаштирмоқда. Агар Альварес Мадридни тарк этса, «Атлетико» ҳужум чизиғини кучайтириш учун биринчи навбатда Торрес номзодига эътибор қаратади.
Қайд этилишича, Ферраннинг «Барселона» билан амалдаги шартномасини узайтириш бўйича музокаралари ҳалигача якунига етгани йўқ. Бундан ташқари, Каталония клубининг «Боруссия Дортмунд» ҳужумчиси Карим Адейеми трансфери устида иш бошлаши ҳам Торреснинг жамоадаги келажагини сўроқ остида қолдирмоқда. Агар Адейеми «Барса»га ўтса, Ферраннинг трансферга қўйилиш эҳтимоли янада ортади.













