Германия терма жамоаси собиқ ярим ҳимоячиси Бастиан Швайнштайгер Германия футбол иттифоқини (DFB) Юрген Клоппни терма жамоа бош мураббийлигига асосий номзод сифатида вақтли ва очиқчасига эълон қилгани учун танқид қилди.
Швайнштайгер муқобил вариантлар мавжудлигини таъминлаш учун номзодларни кўриб чиқиш масаласида эҳтиёткор бўлиш зарурлигини таъкидлади. Футбол соҳасидаги маҳорат ва билим борасида у Лотар Маттеус ва Маттиас Заммернинг имкониятларини ҳам юқори баҳолади. Бундан ташқари, у Германия терма жамоасининг янги мураббийидан жуда катта нарса кутмаслик кераклигини айтиб ўтди.
«Биз энг тубдамиз. Мен учун Юрген Клопп — жароҳатни даволовчи боғлам кабидир. Аммо бу жароҳат бутунлай битиб кетадими, йўқми — билмайман; яқин йилларда ҳозирги футболчилар авлоди билан жуда катта ҳажмдаги ишларни бажаришимизга тўғри келади.
Агар бизда бошқа мамлакатлар яна: "Оҳ, немислар, улар кучли, биз уларни ҳурмат қиламиз ва улардан қўрқамиз", деб гапирадиган миллий терма жамоамиз бўлганида, мен бундан жуда хурсанд бўлардим. Лекин ҳозир бизда бундай жамоа йўқ», — Швайнштайгернинг сўзларини Eurosport келтирмоқда.













