«Тоттенхэм»нинг 19 ёшли ҳимоячиси Лука Вушкович фаолиятини «Брайтон»да давом эттиради. Бу ҳақда таниқли инсайдер Фабрицио Романо хабар бермоқда.
Манба маълумотларига кўра, «Брайтон» хорватиялик футболчининг трансфери бўйича 53,8 миллион евро ва кейинги сотувдан фоиз тўлаш шарти билан тўлиқ келишиб олган. Бонусларни ҳисобга олган ҳолда, битим суммаси 58,5 миллион еврони ташкил этиши мумкин.
Таъкидлаш жоизки, «Тоттенхэм» жуда оқилона битимга қўл урди. Атиги бир йил олдин «шпорлар» Вушковични 11 миллион еврога сотиб олиб, «Гамбург»га ижарага беришган эди. Лондон клуби сафида ҳимоячи бирорта ҳам ўйин ўтказмаган бўлса-да, жуда фойдали нархда сотиб юборилди.
Ҳозирги вақтда Transfermarkt мутахассислари Вушковични 60 миллион еврога баҳоламоқда.













