Испания терма жамоаси вингери Ламин Ямал Жаҳон чемпионати ярим финали доирасида Францияга қарши ўйин олдидан нумерология ҳақидаги саволга киноя билан муносабат билдирди. Саволга футболчининг 19 ёшга тўлиши ва ЖЧ-2026 финали 19 июль куни бўлиб ўтиши асос бўлди. 19-рақам остида тўп сурадиган Ямал бундай тасодифларга унчалик аҳамият бермаслигини тан олди.
«Нумерологияга ишонаманми? Йўқ. Португалия терма жамоаси мураббийи ҳам шунга ўхшаш гапларни айтганди, у ҳам ишонарди, аммо кейин уларнинг дарвозасига Мерино гол урди», — дея Ямал сўзларини келтиради Record.
Роберто Мартинес баҳордаёқ 6 рақами сеҳрига ишонишини билдирганди. Мураббий Португалия Евро-2016 да ғолиб чиққани, 1966 ва 2006 йилларда эса жаҳон чемпионатларидаги энг яхши натижаларига эришганини таъкидлаган, бироқ жорий турнирда рақамлар португалияликларга қарши ишлади.
Португалия терма жамоаси турнирни 6 июль куни тарк этди ва Испанияга 0:1 ҳисобида имкониятни бой берди. Ягона голни 6-рақам остида ўйнаётган Микель Мерино киритди. Ярим ҳимоячи майдонга тушганидан 6 дақиқа ўтиб гол урди ва бу зарба испанияликларнинг ўйиндаги олтинчи зарбаси бўлди.
Испания ва Франция ўртасидаги ярим финал учрашуви 14 июль куни бўлиб ўтади. Ғолиб 19 июль куни финалда Англия ёки Аргентина билан тўқнаш келади.













