«Монако» ёзги трансфер ойнасида Александр Головин билан хайрлашиш ниятида. Монегасклар РПЛ ва Саудия Арабистони клублари билан музокаралар олиб бормоқда, қизиқиш билдираётганлар қаторида «Зенит» ҳам бор. Бу ҳақда Foot Mercato хабар бермоқда.
Манба берган маълумотларга кўра, гап тўлиқ трансфер ҳақида кетмоқда. Келишув суммаси бонуслар билан бирга 25 миллион еврога баҳоланмоқда. 30 ёшли россиялик футболчининг «Монако» билан шартномаси 2029 йилнинг июнигача мўлжалланган.
Головин 2018 йилнинг ёзида ЦСКАдан «Монако»га ўтган эди. Саккиз мавсум давомида у барча турнирларда 267 та ўйин ўтказиб, 39 та гол урди ва 46 та голли узатмани амалга оширди.













