Канье Уэстнинг концерти туфайли «Қайрат» Чемпионлар Лигасидаги ўйинини бошқа шаҳарга кўчиришга мажбур бўлди.
Қозоғистоннинг «Қайрат» клуби Чемпионлар Лигаси 2-саралаш босқичи доирасида Кипрнинг «Омония» жамоасига қарши кечадиган жавоб учрашуви бошқа майдонга кўчирилганини маълум қилди. Учрашув 29 июль кунига белгиланган. Илк баҳсда Қозоғистон клуби 0:1 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйган эди.
«14 август куни Олмаота шаҳридаги Марказий стадионда Канье Уэстнинг концерти ўтказилиши муносабати билан, ушбу тадбир еврокубокларнинг учинчи саралаш босқичидаги уй ўйинимиз вақтига тўғри келмоқда. Шу сабабли «Қайрат»нинг уй аренаси учрашувни ташкиллаштириш ва ўтказиш учун ёпиқ бўлади.
Юзага келган ҳолатларни ҳамда еврокубоклардаги тиғиз жадвални инобатга олган ҳолда, клуб УЕФАга учинчи саралаш босқичидаги эҳтимолий уй ўйинини бошқа жойга кўчириш илтимоси билан мурожаат қилди.
Ушбу мурожаат кўриб чиқилгач, учрашувни Туркистон шаҳридаги «Туркистон Арена» стадионида ўтказишга розилик берилди. Ўйиннинг аниқ санаси, вақти ва чипталар сотуви бўйича маълумотлар жамоанинг еврокубоклардаги кейинги йўли аниқ бўлганидан сўнг қўшимча равишда эълон қилинади», — дейилади «Қайрат» клуби хабарида.













