"Челси" стандарт вазиятлар бўйича мураббий Остин Макфининг трансфери борасида "Астон Вилла" билан музокаралар олиб бормоқда, деб хабар беради BBC.
46 ёшли шотландиялик мутахассисни лондонликларнинг янги бош мураббийи Хаби Алонсо ўз штабига таклиф этмоқчи. У мавсум бошланиши олдидан мураббийлар штабини қайта шакллантиришни давом эттирмоқда. Макфига АПЛнинг бошқа клублари ва Саудия Арабистони жамоалари ҳам даъвогарлик қилмоқда.
Мутахассиснинг "Астон Вилла" билан шартномасида тавон пули суммаси кўрсатилган, шу сабабли Бирмингем клуби у кетган тақдирда компенсация олади.
Макфи "Вилла"да 2021 йилдан бери ишлаб келмоқда ва стандарт вазиятлар бўйича етакчи мутахассислардан бири сифатида ном қозонган. 2023/24 йилги мавсумда жамоа топ-5 лига клублари орасида стандартлардан энг кўп гол урди. Бир йил ўтиб, бирмингемликлар бу кўрсаткич бўйича топ-5 га киришди, ўтган мавсумда эса АПЛда бу борада "Арсенал" билан биринчи ўринни бўлишиб олишди.
Бундан ташқари, Макфи беш йил давомида Роберто Мартинес бошчилигидаги Португалия терма жамоасида ҳам худди шу лавозимни эгаллаб келди (Мартинес Жаҳон чемпионатидан сўнг терма жамоани тарк этди).
"Челси" штабида Макфи учун жой Бернардо Куэванинг роли ўзгариши эвазига бўшайди. Лондонликлар ушбу мутахассисни "Брентфорд"дан сотиб олишган эди.













