«Челси» Англия Футбол ассоциацияси (FA) томонидан воситачилар (агентлар) билан ишлаш қоидаларини бузгани учун расман жаримага тортилди.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг ноябрида «Челси» собиқ эгаси Роман Абрамовичнинг оффшор компаниялари орқали молиявий фэйр-плей қоидаларини бузган бўлиши мумкинлиги маълум бўлган эди. «Кўклар» Эден Азар, Нголо Канте агентларига ҳамда Виллиан ва Самюэль Это′О трансферлари учун Сулейман Керимовга қилинган тўловлар сабаб АПЛда очколар олиб ташланиши ва йирик жаримага тортилиши мумкинлиги айтилганди. Лондонликлар санкциялардан қочиш ва компенсация тўлаш бўйича Премьер-лига билан музокаралар олиб борган эди.
2025 йилнинг сентябрь ойида FA «Челси»га 2009 йилдан 2022 йилгача бўлган даврда содир этилган 74 та қоидабузарлик бўйича расмий айблов эълон қилган эди.
«Челси» эшитувга қадар FA E1.2 қоидаси бўйича 74 та қоидабузарликни тан олди. Мустақил тартиб-интизом комиссияси 2027 йилнинг 30 июнига қадар шартли равишда 6 очкони олиб ташлаш ветосини қўйди ва 10 миллион фунт стерлинг миқдорида жарима белгилади.
Клуб очколар олиб ташланиши қарори устидан апелляция берди ва Мустақил апелляция кенгаши апелляцияни қаноатлантириб, кейинги эшитувлардан сўнг ушбу санкцияни бекор қилди.
Бунинг эвазига Апелляция кенгаши 2027 йил 30 июнга қадар шартли равишда кетма-кет келадиган иккита тўлиқ трансфер ойнасида янги ўйинчиларни рўйхатдан ўтказишга тақиқ қўйди.
Тартиб-интизом комиссияси томонидан белгиланган 10 миллион фунт стерлинглик жарима шикоят қилинмайди ва бутун сумма болалар футболига инвестиция қилинади», — дейилади FA баёнотида.













