Босния ва Герцеговина терма жамоаси ҳужумчиси Эдин Жеко «Шальке»да ўйнашда давом этади. Германия клуби 40 ёшли форвард билан янги шартнома имзоланганини эълон қилди.
Янги келишув бир мавсумга мўлжалланган. Сешанба, 4 август куни Жеко жамоа машғулотларига қўшилади ва 10-рақам остида тўп суришни давом эттиради.
«Мен илгаригидек муваффақиятларга эришиш иштиёқи билан тўлиб-тошганман ва жамоамизга Бундеслигада ҳам ёрдам беришни хоҳлайман.
Қишда «Шальке»га келиб қўшилганимдан бери ажойиб жамоанинг бир қисмига айландим ва мухлисларимизнинг ақлварвар қилгулик қўллаб-қувватлашини ҳис қилдим. Бундеслигага чиқиш — фаолиятимдаги энг ёрқин воқеалардан бири бўлди. Бу жуда ажойиб эди. Футбол бутун умрим давомида манга қувонч бағишлади ва мени илҳомлантириб келди», — деди Жеко янги шартномага қўл қўйгандан сўнг.
2026/27 йилги мавсум босниялик ҳужумчи учун профессионал фаолиятидаги 23-мавсум бўлади.
Босниялик футболчи «Шальке»га 2026 йилнинг қишида эркин агент мақомида ўтган эди ва 2025/26 йилги мавсум якунларига кўра клубга Иккинчи Бундеслигада ғолиб чиқиб, юқори дивизионга қайтишига ёрдам берди. Аввалги шартномаси 30 июнь куни якунига етгач, у яна эркин агентга айланган эди, бироқ томонлар ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олишди.
Ўтган мавсумнинг иккинчи ярмида Жеко «Шальке» таркибида Иккинчи Бундеслигада 11 та ўйинда майдонга тушиб, 6 та гол урди ва 3 та голли узатмани амалга оширди. Шунингдек, ёзда у Босния ва Герцеговина терма жамоаси сафида 2026 йилги Жаҳон чемпионатида 3 та ўйинда майдонга тушди, жамоа эса 1/16 финал босқичигача етиб борди.













