Кириш Регистрация
07/08 19:00 Сурхон 0-1 Навбаҳор
07/08 19:30 Локомотив 2-1 Динамо
07/08 20:00 Хоразм 2-0 Машъал
08/08 19:00 Нефтчи - Қизилқум
08/08 19:30 Бунёдкор - ОКМК
08/08 20:00 Насаф - Қўқон-1912

Анвар Ғофуров: «Турли шов-шувли гапларни тарқатишдан олдин вазиятга холис ёндашиш керак»

Баҳо:
+ | -

"Сурхон" клуби бош мураббийи Анвар Ғофуров Суперлиганинг 16-тури доирасида бўлиб ўтган "Навбаҳор"га қарши ўйин борасида ўз фикрини билдириб ўтди.

— Бугунги учрашув ҳақида фикрларингиз?

— Ўйин қизиқарли ва мухлислар учун ҳам манзур бўлган баҳс бўлди, деб ўйлайман. “Навбаҳор” жамоаси ҳам яхши шаклланган, тажрибали мураббийга эга ва ўзига хос ўйин услубига эга жамоа. Бизнинг ҳам ўзимизга яраша ўйин фалсафамиз бор ва бугун уни амалда намойиш этишга ҳаракат қилдик.

Балки, бутун учрашув давомида режалаштирганимиздек ўйин кўрсатиш ҳар доим ҳам ўхшамагандир. Шунга қарамай, футболчиларга эътирозим йўқ. Йигитлар жуда кўп меҳнат қилишди, катта куч ва энергия сарфлашди. Умуман олганда, бугунги баҳсда улар яхши ўйин намойиш этишди, деб ҳисоблайман.

Учрашувнинг қолган жиҳатларига келсак, тегишли масалаларни ПФЛ вакиллари ўзлари кўриб чиқишади, деб ўйлайман.

— Ўтган учрашувга қараганда, бугун “Сурхон”га нима етишмади, деб ўйлайсиз?

— Жамоани кўплаб футболчилар тарк этган бўлиши мумкин. Шу билан бирга, ёш футболчилар ҳам таркибга кириб келишмоқда ва уларга катта юклама тушмоқда. Сўнгги тўртта учрашув давомида деярли ротация қилиш имкониятимиз бўлмади. Табиийки, бугунги учрашувда футболчиларда чарчоқ сезилди.

Шунга қарамай, йигитлар ўз устиларида ишлашмоқда ва уларга қўйилаётган талаблар ҳам юқори. Шу сабабли имкон қадар ротация қилишга ҳаракат қилдик ва бошқа ёш футболчиларга ҳам имконият бердик.

Менимча, бугунги учрашувда улар ўзларини яхши томондан кўрсатишга ҳаракат қилишди. Кўплаб вазиятларда уларнинг хатти-ҳаракатлари бизни қониқтирди.

Келгуси учрашувларда ҳам ротацияларга мурожаат қилишимизга тўғри келади. Чунки тақвим жуда зич, учрашувлар сони кўп. Бундай вазиятда футболчиларнинг жисмоний ҳолатини ҳисобга олиш ва уларга имкон қадар дам бериш ҳам муҳим.

— Жамоанинг ўйингоҳдаги айни вазияти қандай?

— Афсуски, айрим инсонлар томонидан мухлисларга нотўғри маълумотлар берилаётгани ва уларнинг ғазабини қўзғатувчи турли фикрлар билдирилаётганини кўриб турибмиз.

Стадионимиздаги майдон ҳали тўлиқ тайёр бўлмаганидан кейин, биз қаерда ўйнашимиз керак? Биз ҳам, албатта, ўз мухлисларимиз қаршисида, сифатли майдонда футбол ўйнашни хоҳлаймиз.

Оддий мисол: бугунги учрашувни аслида Термизда ўтказишимиз керак эди, аммо Наманганда ўйнадик. Биз учун беш минг ёки ўн беш минг мухлис бизни қўллаб-қувватлайдиган майдонда ўйнаш маъқулми ёки рақиб жамоанинг майдонига келиб, номинал мезбон сифатида ҳаракат қилишимиз маъқулми?

Бугунги учрашувда ҳам стадионда 20 мингга яқин мухлис бўлди ва уларнинг аксарияти “Навбаҳор”ни қўллаб-қувватлади. Бундай вазиятда ўйнаш биз учун осон бўлмаган, албатта.

Менимча, бу масалани тушуниш учун ортиқча мураккаб фикрлашнинг ҳожати йўқ. Биз ҳам ўз мухлисларимиз қаршисида, ўз уйимизда ўйнашни истаймиз. “Ўз уйингда деворлар ҳам ёрдам беради”, деган нақл бежиз айтилмаган. Бу гап йиллар давомида ўз тасдиғини топиб келмоқда.

Биз ҳам ўз майдонимизда ўйнашни хоҳлаймиз. Лекин вазиятни тўғри тушунишимиз керак. Термиз Республикамизнинг энг иссиқ ҳудудларидан бири ҳисобланади. Буни ҳам инобатга олиш лозим.

Оддий мисол сифатида Тошкентдаги “Пахтакор” марказий ўйингоҳини олайлик. Об-ҳаво шароити бироз фарқ қиладиган Тошкентда ҳам уч ой ичида майдон майсаси билан боғлиқ муаммолар юзага келганини кўрдик. Термизда эса ҳарорат Тошкентга қараганда анча юқори. Бу табиий жараён ва ҳаммаси ҳам бизнинг қўлимизда эмас.

Шунинг учун турли шов-шувли гапларни тарқатишдан олдин вазиятга холис ва совуққонлик билан ёндашиш керак, деб ҳисоблайман.

Агар биз Тошкентда ёки бошқа шаҳарда ўйнаётган бўлсак, бу борада билдирилаётган эътирозларни маълум даражада тушуниш мумкин. Аммо биз аллақачон сафарда ўйнаяпмиз: Самарқандга бордик, Наманганга келдик. Бунинг сабаби — ўз стадионимиздаги майдоннинг ҳали тайёр эмаслиги.

Кейинги тур учрашувларини ҳам Тошкентда ўтказамиз. Аммо бу ҳам биз учун ўз уйимиз эмас. Майдон ҳолати талаб даражасида бўлганида, албатта, Термизда ўйнаган бўлардик.

Айтдим, майдон ҳолатини яхшилаш бўйича тегишли ишлар амалга оширилмоқда.

Лекин бундай жараён бир кунда ҳал бўладиган масала эмас. Бу вақт ва меҳнат талаб қилади. Ҳатто катта маблағ сарфланаётган стадионларда ҳам табиий майдонни талаб даражасига келтириш осон эмаслигини кўриб турибмиз.

Шу сабабли бундай масалаларда вазиятни тўғри тушуниш, холис ва совуққон фикрлаш лозим. Рейтинг ёки кўпроқ эътибор олиш мақсадида турли нотўғри ва асоссиз гапларни тарқатиш, менимча, вазиятга ижобий таъсир кўрсатмайди.

Бизнинг асосий истагимиз — ўз мухлисларимиз қаршисида, ўз уйимизда ва яхши майдонда футбол ўйнаш. Бунинг учун барча шароитлар имкон қадар тезроқ яхшиланишига умид қиламиз.

Манба: https://t.me/FCSURXON_OFFICIAL
Киритилди: 06:41, 08.08.2026.
Ўқилди: 347 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.


счётчик