«Бавария» бош мураббийи Венсан Компани жамоа янги мавсумга қандай кайфиятда ёндашаётгани ҳақида фикр билдирди.
«Биз қўрқмасдан ўйнайдиган жамоамиз ва бу менга ёқади. Бундай энергия ҳар доим ҳам бўлавермайди, аммо бизда у доим сақланиб қолмоқда.
Энди янги мавсум бошланади. Ўтган мавсумда бўлган воқеаларни бироз унутиб, барчасини бошидан бошлашимиз керак. Гап бизнинг тамойилларимиз ҳақида эмас, аммо бизда ғалабага бўлган чанқоқлик ва яна бир бор ўзимизни исботлашимиз зарурлигини англаш ҳисси бўлиши керак. Бизда бу бор.
Ҳозир энг муҳими — барчасини тўғри бажариш. Шунда Суперкубокда, кейин эса Бундеслига, еврокубоклар ва Германия кубогида ўз даражамизни намойиш эта оламиз. Бунинг учун тўлиқ диққатни жамлаш талаб этилади.
Ҳар бир янги мавсум фаолиятингиздаги энг яхшисига айланиши мумкин. Кайфият айнан шундай бўлиши керак», — деди Компани.
Шунингдек, Венсан Компани келаси мавсум Чемпионлар лигасидаги рақобат ҳақида ҳам фикр билдирди.
«Европада ҳам, Германияда ҳам бизнинг рақибларимиз ғалабага чанқоқ. Уларнинг кўпчилиги ўтган мавсумда ҳеч қандай соврин қўлга киритмади. Шунинг учун биз ҳам уларнинг ғалабага бўлган чанқоқлигига мос даражада бўлишимиз керак.
Биз ҳеч қандай такаббурликка йўл қўя олмаймиз. Ўтган мавсумда содир бўлган воқеалар энди аҳамиятга эга эмас. Биз барчасини янгидан бошлаяпмиз», — дея таъкидлади Компани.













