«Манчестер Юнайтед» «Лестер» ярим ҳимоячиси Луи Пейж трансфери бўйича музокара олиб бормоқда. Бу ҳақда BBC хабар берди.
18 ёшли футболчи Англия Премьер-лигасидан ташқаридаги энг истиқболли ёш футболчилардан бири сифатида баҳоланмоқда. У ўтган мавсумда Англия Футбол Лигасининг йилнинг энг яхши ёш футболчиси деб топилган.
Пейж «Лестер» асосий жамоаси сафида 21 та учрашувда майдонга тушган. Ўтган мавсумда у жамоанинг 5 та ўйинида асосий таркибдан жой олди. Мавсум якунида «Лестер» Чемпионшипни тарк этиб, қуйи дивизионга тушиб кетди.
Футболчига «Арсенал» ва «Астон Вилла» клублари ҳам қизиқиш билдирмоқда. Пейжнинг бозор қиймати тахминан 4 млн евро деб баҳоланмоқда.
Аввалроқ «Лестер»нинг яна бир иқтидорли футболчиси — 17 ёшли ҳужумчи Жереми Монга жамоани тарк этиб, «Манчестер Сити» сафига ўтган эди.













