Осия Футбол Конфедерациясининг (ОФК) клублар мусобақалари бўйича лицензиялаш талаблари сабабли, зарурий лицензияга эга бўлган Эмилиан Карас ОЧЛ доирасидаги расмий тадбирларда “Пахтакор” бош мураббийи сифатида иштирок этади.
У ўйин қайдномалари, матбуот анжуманлари ҳамда Чемпионлар Лигаси доирасидаги барча расмий учрашув ва мулоқотларда тошкентликлар бош мураббийи сифатида қатнашади.
Маълумот учун, Карас 2000-йилдан мураббийлик фаолиятини бошлаган. Дастлаб Молдованинг “Дачия” клубида ўйновчи мураббий ва ёрдамчи мураббий бўлиб ишлаган, 2004—2008-йилларда эса жамоа бош мураббийи сифатида фаолият юритган. Унинг бошчилигида “Дачия” Молдова чемпионатининг кумуш ҳамда бронза медалларини қўлга киритган, шунингдек, мамлакат кубоги финалигача етиб борган. 2006-йилда Карас Молдовада “Йил мураббийи” деб эътироф этилган.
Кейинчалик у “Тираспол” ҳамда “Олимпия” (Белси) жамоаларида ишлади. 2009-йилнинг августидан Владикавказнинг “Алания” клубида Мирча Редник штабида ёрдамчи ва таржимон сифатида фаолият олиб борди. 2010-йилдан эътиборан таниқли мутахассис Дан Петрескунинг мураббийлар штабига қўшилиб, “Кубан”, Қатарнинг “Ал-Араби” ҳамда Хитойнинг “Сзянсу Сайнти” клубларида ассистент сифатида иш олиб борган. Тажрибали мутахассис 2026-йилнинг январидан Тошкентнинг “Пахтакор” клубида фаолият олиб бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, “Пахтакор” Осиё Чемпионлар Лигаси (ОЧЛ) саралаш босқичида Иорданиянинг “Ал-Ҳусайн” жамоасига қарши майдонга тушади. Мазкур учрашув жорий йилнинг 11-август куни Тошкентдаги “Пахтакор” стадионида ўтказилади.













