12 август куни Зальцбургда «ПСЖ» ва «Астон Вилла» УЕФА Суперкубоги-2026ни ўзаро ўйнашади. Олдинда турган баҳс «ПСЖ» ва «Астон Вилла» ўртасидаги учинчи тўқнашув, ҳар бир клуб учун ушбу соврин учун учинчиси ва Англия жамоаси устози Унаи Эмери учун Франция суперклубига қарши учинчи ўйин бўлади. ПСЖ – Астон Вилла УЕФА Суперкубоги-2026 ўйини ҳақида тўққизта фактни тўпладик.
Тарихда илк бор УЕФА Суперкубоги ўйинига Австрия мезбонлик қилади. Беллашув Зальцбург шаҳри атрофидаги «Ред Булл Арена» стадионида бўлиб ўтади.
«ПСЖ» устози Луис Энрике мураббий сифатида икки марта УЕФА Суперкубогини қўлга киритган. 2015 йилда мутахассис «Барселона» билан, 2025 йилда эса «ПСЖ» билан ғалаба қозонган.
«ПСЖ» ва «Астон Вилла» илгари ўзаро иккита расмий ўйин ўтказишган. Чемпионлар Лигаси-2024/2025нинг чорак финалида жамоалар ўз майдонларида ғалабаларни бўлишиб олишган («ПСЖ» Парижда 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган, «Астон Вилла» Бирмингемда 3:2 ҳисобида устун келган), кейинги босқичга эса французлар чиқишган.
«Астон Вилла» тарихда иккинчи бор Суперкубок ўйинларида майдонга тушади. 1982 йилда «виллаликлар» икки ўйин натижасига кўра «Барселона»ни мағлуб этишган эди – Испанияда 0:1 ва ўз уйида 3:0.
«ПСЖ» учинчи марта Суперкубок учун ўйнайди. 1996 йилда парижликлар икки ўйинда «Ювентус»га имкониятни бой беришган: ўз уйида 1:6 ва меҳмонда 1:3. 2025 йилда эса асосий вақтдаги дурангдан сўнг (2:2) пенальтилар сериясида «Тоттенхэм»ни мағлуб этишган.
«ПСЖ» таркибнинг умумий қиймати бўйича «Астон Вилла»дан деярли уч баравар устунлик қилади. Transfermarkt «ПСЖ» таркибини 1,39 миллиард еврога, «Астон Вилла» таркибини эса 530 миллионга баҳоламоқда.
«Астон Вилла» Франция клублари билан 12 та расмий ўйин ўтказган. Олтита баҳсда ғалаба қозонган, учтасида мағлуб бўлган, учта учрашув дуранг билан якунланган.
«ПСЖ» расмий ўйинларда Англия клублари билан 46 марта тўқнаш келган. Парижликлар 20 та учрашувда ғалаба қозонишган, 16 тасида имкониятни бой беришган, 10 та баҳсда дуранг қайд этилган.













