Исмоил Сайбари «Бавария» футболчиси сифатида расман таништирилди. 25 ёшли Марокаш терма жамоаси аъзоси спорт директори Макс Эберль билан биргаликда ОАВ вакиллари саволларига жавоб бериб, ПСВдан 50–55 млн евро эвазига амалга ошган трансферидан кейинги илк таассуротлари билан ўртоқлашди.
2026 йилги жаҳон чемпионатида гол урган Сайбари янги жамоада илк кунданоқ илиқ кутиб олинганини таъкидлади.
«Жамоадошларим мени жуда яхши кутиб олишди. Ҳамма, жумладан мураббийлар штаби аъзолари ҳам менга жуда яхши муносабатда. Ҳозиргача ҳамма нарса жуда ёқимли кечмоқда», — деди Сайбари.
Марокашлик футболчи ўзининг ўйин услуби «Бавария»нинг ҳозирги фалсафасига мос келишини ҳам қайд этди.
«Венсан Компани келганидан бери «Бавария» бошқача услубда ўйнамоқда — кўпроқ ҳаракат, юқори интенсивлик бор. Мен буни ўтган мавсумда ўзим ҳам ҳис қилдим. Улар жуда яхши футбол намойиш этади, доим юқори суръатда ўйнайди ва зарба бериш имкониятини қидиради. Бу менга жуда ёқади», — деди у.
«Бавария» спорт директори Макс Эберль эса клуб Сайбарини анча вақтдан бери кузатиб келганини маълум қилди. Айниқса, ПСВга қарши учрашувлар унинг трансфери борасида қарор қабул қилишда муҳим аҳамият касб этган.
«У ўз услуби, жисмоний куч-қуввати, майдондаги таъсири, тезлиги ва универсаллиги билан бизга бир неча бор жиддий муаммо туғдирди. Шунга қарамай, биз ўша ўйинларда ғалаба қозондик. Аммо унда ўзига хос жиҳат бор», — деди Эберль.
Унинг қўшимча қилишича, «Бавария» Сайбари ва Натаниэль Браун сингари бир нечта позицияда ўйнай оладиган универсал футболчиларга кўпроқ эътибор қаратмоқда.
«Браун ва Исмоил Сайбари трансферлари шуни кўрсатадики, биз универсалликка, бир нечта позицияда ҳаракат қила оладиган ва ўйинимизга ўтган мавсумда етарли даражада бўлмаган янги жиҳатларни қўша оладиган футболчиларга урғу бермоқчимиз.
Шунинг учун Исмоил биз учун асосий номзодлардан бири экани аввалдан аниқ эди. Яхшиямки, трансферни амалга оширишга муваффақ бўлдик», — деди «Бавария» спорт директори.













