"Бавария" дарвозабони Мануэль Нойер "Лейпциг"га қарши 3:1 ҳисобида якунланган ўртоқлик учрашувидан сўнг ўз келажаги ҳақидаги миш-мишларга муносабат билдирди.
"Аввало шуни айтишим керакки, ўзимни яхши ҳис қиляпман. Қайси рақибга қарши ўйнашимиздан қатъи назар, ҳар бир ўртоқлик учрашувига жиддий ёндашиш керак.
Биз Осиёда "Астон Вилла"га қарши ҳам ўйнадик ва ҳозиргидек жуда ишончли ўйин кўрсатдик. Албатта, кўплаб алмаштиришлар бўлди, мураббий футболчиларга ўйин амалиёти бериш ва юкламани тақсимлашга ҳаракат қилди. Биз ғалабага муносиб эдик ва яхши ўйнадик", — деди Нойер.
40 ёшли германиялик голкипер келаси ёзда фаолиятини якунлаши мумкинлиги ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди.
"Келаси ёзда фаолиятимни якунлайманми? Ҳозирча ҳаммасини ўз оқимига қўйиб бораман, кейин нима бўлишини кўрамиз. Бу мавсумни энг юқори мақсадлар учун курашиш ниятида ўтказаман. Ундан кейин нима бўлишини вақт кўрсатади", — деди у.
Нойернинг "Бавария" билан амалдаги шартномаси 2027 йил 30 июнга қадар мўлжалланган. У жорий йилда клуб билан келишувини узайтирган.
Ўтган мавсумда Нойер "Бавария" сафида 37 та учрашувда майдонга тушиб, 40 та гол ўтказиб юборди. У 10 та баҳсда дарвозасини дахлсиз сақлади.













