«Бавария»нинг афсонавий собиқ футболчиси Лотар Маттеус «Олтин тўп» мукофоти Гарри Кейнга берилиши керак, деб ҳисоблайди.
Англиялик ҳужумчи Европа «Олтин бутсаси»ни қўлга киритди ва мюнхенликларга Германиядаги барча ички совринларни ютишга ёрдам берди. Бироқ Чемпионлар лигаси ва 2026 йилги жаҳон чемпионатида унинг жамоалари ярим финал босқичида тўхташди.
«Мен учун Кейн — «Олтин тўп»га асосий даъвогар. Мен фақат бир ўйинни ёки фақат ЖЧни эмас, бутун йилни баҳолайман. Бир нечта футболчилар «Барселона» билан Ла Лигани ва Испания терма жамоаси билан ЖЧни ютишди, лекин улардан кимдир яққол ажралиб турдими? Ямал ҳақида бундай деб бўлмайди.
Месси «Интер Майами» билан МЛСда ғолиб чиқди, аммо бу лига Европаникидек кучли эмас. У ЖЧ-2026да 8 та гол урди, аммо икки марта пенальтини амалга ошира олмади. Мбаппе Франция билан ЖЧ ярим финалига чиқди, лекин «Реал» билан совринсиз қолди. Англиялик Жуд Беллингем ҳақида ҳам шуни айтиш мумкин.
Кейн «Бавария» билан иккита ички кубокни қўлга киритди. Унинг Чемпионлар лигаси ва ЖЧ-2026 финалига чиқа олмагани — ягона камчилиги. У ажойиб ўйин кўрсатди ва ўйлашимча, унда бирорта ҳам омадсиз оралиқ бўлмади. У ва Родри майдонда гапирадиган, футболдан ташқари муҳокамалар билан эътиборни тортмайдиган футболчилардир. Менинг назаримда, Кейн бу мукофотга ҳаммадан кўра кўпроқ муносиб», — деди Маттеус Bayern & Germany нашрига берган интервьюсида.
Эслатиб ўтамиз, 22 август куни «Бавария» Германия Суперкубоги доирасида Дортмунднинг «Боруссия» клубига қарши майдонга тушади.













