"Астон Вилла"нинг аргентиналик дарвозабони Эмилиано Мартинесга Лондоннинг "Тоттенхэм" клуби қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда Football Insider хабар берди.
Манба маълумотига кўра, "Тоттенхэм" Гульельмо Викариони "Ювентус"га сотиш бўйича келишувга эришганидан сўнг 33 ёшли Мартинесни харид қилиш вариантини кўриб чиқмоқда.
"Астон Вилла" эса ўз дарвозабони билан хайрлашишга тайёр экани айтилмоқда. Сабаби, бирмингемликлар аввалроқ асосий дарвозабон роли учун Дзион Сузукини ўз сафига қўшиб олган.
Ўтган мавсумда Мартинес барча мусобақалар доирасида 44 та ўйин ўтказиб, 49 та гол ўтказиб юборди. Шунингдек, у 14 та учрашувда дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган.
Аргентиналик футболчининг "Астон Вилла" билан амалдаги шартномаси 2029 йилга қадар мўлжалланган. Transfermarkt портали унинг бозор қийматини 12 миллион еврога баҳоламоқда.













