2020 йилдан Лига бош директори вазифасини бажарувчи сифатида ишлаб келган, 2022 йилда эса Ассоциация президенти тақдимига биноан расман бош директор этиб тасдиқланган Диёp Имомхўжаевнинг ваколат муддати якунлангани ҳақида жорий йилнинг 27 июль куни хабар берилган эди.
Белгиланган тартибга кўра, Ассоциация президенти ёки ташкилот Ижроия қўмитаси Лигани кейинги тўрт йил давомида бошқариш учун номзодлар рўйхатини Лига Ижроия қўмитасига тақдим этиши лозим эди.
17 август куни Ассоциация президенти Баҳодир Қурбонов томонидан имзоланган тақдимнома Лига Ижроия қўмитасига юборилди.
Ҳужжатда Диёp Имомхўжаев раҳбарлиги даврида Лигада амалга оширилган ижобий ишлар қайд этилган. Шу асосда Ассоциация ЎзПФЛни навбатдаги муддатда ҳам бошқариш учун Диёp Имомхўжаев номзодини илгари сурган.
Лига Уставига мувофиқ, энди ташкилот Ижроия қўмитасининг 8 нафар аъзоси Ассоциация томонидан тақдим этилган номзодни овоз бериш йўли билан тасдиқлаши ёки рад этиши керак.
Агар номзод Ижроия қўмитаси аъзоларининг кўпчилик овози билан рад этилса, Ассоциация президенти ёки ташкилот Ижроия қўмитаси Лига бош директори лавозими учун бошқа номзодни тақдим этиши лозим бўлади.
Маълумот учун, Лига Ижроия қўмитасининг 8 нафар аъзосидан 5 нафари клублар манфаатини ҳимоя қилувчи вакиллар ҳисобланади. Улар — Элбек Саматов («Андижон»), Баҳодир Мирзаев (ОКМК), Тўлабек Акрамов («Локомотив»), Алишер Юсупов («Насаф») ва Мақсуд Каримов («Хоразм»).
Қолган уч аъзо турли ташкилотларнинг вакиллари: Одил Аҳмедов (ЎФА), Камолиддин Мурзоев (ЎФУ) ва Ойбек Иброҳимхонов (ЎзПФЛ).
ЎзПФЛ Ижроия қўмитаси аъзоларининг бош директорликка тақдим этилган номзод бўйича овоз бериш жараёни ва унинг натижалари яқин вақт ичида расман эълон қилиниши кутилмоқда.













