«Бавария» ярим ҳимоячиси Йозуа Киммих Германия Суперкубоги учун Дортмунднинг «Боруссия» клубига қарши ўтказилган учрашувдаги жамоасининг ҳаракатларига баҳо берди. Мюнхенликлар баҳсда 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
Венсан Компани жамоаси Натаниэль Браун ва Майкл Олисениг 28 ҳамда 45-дақиқаларда урган голлари эвазига рақибидан устун келди.
«Очиғини айтсам, биринчи бўлимни у қадар яхши ўтказмадик. Ҳа, 2:0 ҳисобида олдинда бораётгандик ва ғалабадан хурсандмиз. Аммо бугунги ўйинга қараб айтиш мумкинки, олдимизда ҳали жуда ва жуда кўп иш бор.
Тўпга эгалик қилган пайтимизда фаоллик етишмади. Ҳар доим ҳам бир-биримизни яхши қўллаб-қувватлай олмадик. Шунингдек, ўз дарвозамиз олдида, айниқса, қанотдан узатилган тўплардан кейин рақибга жуда кўп имконият яратиб бердик.
Иккинчи бўлимда ўйин суръатини пасайтириш ва вазиятни назоратимизга олишнинг уддасидан чиқа олмадик. Натижадан хурсандмиз, аммо кўрсатган ўйинимиздан унчалик қониқмадик», — деди Киммих.
«Бавария» 28 август, жума куни Бундеслиганинг 1-тури доирасида «Штутгарт»га қарши майдонга тушади.













