«Ливерпуль» ҳужумчиси Коди Гакпо ёзги трансфер ойнасида жамоасини алмаштириши мумкин.
Инсайдер Фабрицио Романонинг маълум қилишича, мерсисайдликлар нидерландиялик футболчини фақат яқин 8 кун ичида икки нафар янги вингер билан шартнома имзолай олсагина қўйиб юборишга тайёр.
«Тоттенхэм» ҳали июль ойидаёқ 27 ёшли футболчи билан шахсий шартнома борасида оғзаки келишувга эришган. Айни пайтда Гакпо учун курашга «Манчестер Сити» ҳам қўшилган ва футболчининг вакиллари билан музокара олиб бормоқда.
Гакпо ўтган мавсум барча мусобақаларда 52 та ўйин ўтказиб, 9 та гол урди ва 6 та голли узатмани амалга оширди. У янги мавсумни ҳам гол билан бошлаб, «Ньюкасл»га қарши учрашувда рақиб дарвозасини ишғол қилди.
«Ливерпуль»нинг ҳужум чизиғини кучайтиришдаги асосий мақсадларидан бири ҳамон «ПСЖ» вингери Брэдли Баркола бўлиб турибди. Шунингдек, клуб бошқа қанот ҳужумчилари бўйича ҳам иш олиб бормоқда.













