«Реал Мадрид» «Гранада»нинг 21 ёшли ҳимоячиси Оскар Наасеи Оппонг трансферини якунлаш арафасида турибди.
AS нашри маълумотига кўра, Гана вакили Мадрид клубига тўлиқ трансфер асосида ўтади ва дастлаб Хулиан Лопес де Лерма бошқараётган «Реал Мадрид Кастилья» таркибига қўшилади. Келишув яқин соатларда расмийлаштирилиши мумкин.
«Реал» Наасеига ўтган мавсумдаёқ қизиқиш билдирган, аммо бу ёзда музокараларни жадаллаштирган. Мадридликлар футболчи учун курашда Ла Лиганинг яна бир клуби «Райо Вальекано»ни ортда қолдиргани айтилмоқда.
2005 йил 24 февралда Аккрада туғилган Наасеи асосан марказий ҳимоячи сифатида ҳаракат қилади, зарурат туғилганда ўнг қанот ҳимоясида ҳам ўйнай олади. Унинг бўйи 185 сантиметр бўлиб, футболчи жисмоний курашдаги кучли ҳаракатлари ва бир нечта позицияда ўйнай олиши билан ажралиб туради. Transfermarkt унинг бозор қийматини 1,5 млн еврога баҳолаган.
Наасеи 2023 йилда Гананинг Emmanuel City академиясидан «Гранада» ёшлар жамоасига келиб қўшилган. У қисқа вақт ичида «Рекреативо Гранада»га кўтарилиб, кейинчалик асосий жамоага ҳам жалб қилина бошлаган. «Гранада» унинг тез ривожланишини инобатга олиб, футболчи билан шартномани узайтирган эди.
Ҳимоячи ўтган мавсумда «Гранада» асосий жамоасида дебют қилди. Жорий мавсумда эса бош мураббий Пачета унга ишонч билдирмоқда — Наасеи Сегундадаги дастлабки икки тур, «Реал Овьедо» ва «Мальорка»га қарши учрашувларда майдонга тушди.
Трансфер амалга ошса, Наасеи «Реал»нинг истиқболли ёш футболчиларни эрта босқичда жалб қилиш стратегияси доирасида «Кастилья» сафига қўшилади. У дастлаб фарм-клубда ўзини кўрсатиб, кейинчалик асосий жамоа учун номзодга айланиши кўзда тутилмоқда.













