"Ипсвич" "Байер" ярим ҳимоячиси Эсекиэль Паласиос трансфери бўйича келишувга яқин турибди. Бу ҳақда The Athletic хабар берди.
Манбага кўра, Англия клуби 27 ёшли аргентиналик футболчи учун яхшиланган таклиф берган: 22,5 миллион евро кафолатланган тўлов ва яна 5 миллион евро бонуслар. Паласиос билан тўрт йиллик шартнома имзоланиши мумкин.
Агар трансфер амалга ошса, Паласиос "Ипсвич" сафида тўп сурадиган тарихдаги биринчи жаҳон чемпиони бўлади.
Аввалроқ "Ипсвич" футболчи учун 15 миллион евро таклиф қилган, бироқ "Байер" бу таклифни рад этган эди.
Паласиос 2020 йилда "Ривер Плейт"дан "Байер"га ўтган. У Германия клуби сафида 185 та учрашув ўтказиб, 15 та гол урган ва 17 та голли узатма амалга оширган.
2023/24 мавсумида аргентиналик футболчи "Байер"га Бундеслигада чемпион бўлишга ёрдам берган.
Ўтган мавсумда Паласиос барча мусобақаларда 25 та ўйинда майдонга тушди. У ўнг соннинг яқинлаштирувчи мушагидаги жароҳат сабаб тахминан тўрт ойни ўтказиб юборди.













